Навоий шаҳридаги 4-мактабгача таълим муассасаси тарбиячиларидан бири болалардан бирига қўл кўтаргани учун ишдан ҳайдалди. Бу ҳақда Навоий вилояти Халқ қабулхонаси «Дарё»га маълум қилди.
Хабар беришларича, фуқаролардан бири 16 август куни 2 яшар қизини боғчадан олиш учун борганида, тарбиячи унинг қизига қўл кўтараётгани устидан чиққан.
Она тарбиячидан: «Болани нега урдингиз? У нима учун йиғлаяпти?», — деб сўраганида, мактабгача таълим муассасаси ходими унга: «Болангга қараб бераётганим учун раҳмат де, аҳмоқ!», — дея жавоб қайтарган.
Қизалоқнинг онаси мазкур ҳолат юзасидан 16 августнинг ўзидаёқ Халқ қабулхонасига шикоят билан мурожаат қилган. 21 август куни эса боғчада болаларга қўл кўтарган тарбиячига нисбатан чора кўрилгани маълум бўлган.
«Шаҳардаги 4-сонли мактабгача таълим муассасасидаги педагог ходимнинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб қилган мурожаатингиз юзасидан, шаҳар Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимининг мутахассислари томонидан муассаса ходимининг фаолияти ўрганиб чиқилди, қилган хатти-ҳаракатлари учун қонун доирасида эгаллаб турган лавозимидан озод этилди», — дейилади бўлим ахборотида.
Аввалроқ Сурхондарё вилояти Денов туманидаги мактабгача таълим муассасаларидан бирида тарбиячиларнинг болаларга қўл кўтараётгани акс этган видеоёзувлар интернетда тарқалган эди. Кейинчалик Ўзбекистон ички ишлар вазири Абдусалом Азизов 2016 йил сентябрь ойида бўлган мазкур воқеа юзасидан изоҳ берган эди.
Изоҳ (0)