Олий Мажлиси Сенати 11-ялпи мажлисида «Суриштирув институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни кўриб чиқилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Қонун Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури, шунингдек, Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга оид Давлат дастурини ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилди.
Сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг муҳимлигини қайд этди. Мазкур қўшимчаларда амалда терговга қадар текширув институтини такрорлайдиган суриштирув институтини жиноят-процессуал қонун ҳужжатларидан олиб ташлаш назарда тутилмоқда. Қонун жамиятга катта хавф солмайдиган жиноятлар тўғрисидаги ишларни судга қадар юритишнинг соддалаштирилган тартибини белгилаб беради.
Суриштирув юритиш ҳуқуқи ички ишлар органларига, Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментига, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига ва давлат божхона хизмати органларига берилмоқда.
Қонун билан ижтимоий хавфли бир қанча жиноятларни ички ишлар органларидан прокуратура органлари терговига ўтказиш назарда тутилмоқда.
Сенаторлар фикрича, қонуннинг қабул қилиниши текширувнинг тезкорлик билан ўтказилишини таъминлаш, терговчилар иш сифатини ошириш, шунингдек, жиноят ишларини текширишда бир-бирини такрорлашнинг олдини олиш ва сансоларликни бартараф этишга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Изоҳ (0)