Умиджон Салимов «Ўзавтосаноат» бошқаруви раиси лавозимига тайинланди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизматига таяниб, «Газета.uz» хабар қилди.
Салимов 2017 йил апрелидан буён «Ўзавтосаноат» бошқаруви раисининг техника сиёсати ва маҳаллийлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган эди.
Умиджон Салимов (1976 йилда туғилган) Тошкент давлат техника университети ва Тошкент автомобиль-йўллар институти аспирантурасини тамомлаган, техника фанлари номзоди.
1998−1999 йилларда «Автодайжест» газетаси масъул котиби лавозимида ишлаган. 1999—2000 йилларда «Ўзавтосаноат» ассоциациясининг «Автосанинвестпроект» компаниясида етакчи мутахассис бўлган. 2000−2004 йилларда «Ўзавтосаноат» ассоциацияси молия-иқтисодий экспертиза ва кредитлаш бошқармасида етакчи мутахассис лавозимида фаолият кўрсатган.
2005—2007 йилларда «Ўзавтосаноат» маркетинг, савдо стратегияси ва экспорт салоҳиятини ривожлантириш бошқармаси бош мутахассиси бўлган. 2007−2009 йилларда GM Uzbekistan янги лойиҳалар бошқармаси бўлим бош менежери лавозимида ишлаган.
2009—2011 йилларда GM Powertrain Uzbekistan бош директори ўринбосари бўлган. 2011−2013 йилларда эса «Ўзавтосаноат» бошқаруви раиси ўринбосари эди.
2013—2017 йилларда олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари ва Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази директори сифатида иш олиб борди.
Аввал хабар қилинганидек, Улуғбек Рўзиқулов «Ўзавтосаноат» бошқаруви раиси лавозимидан озод этилиб, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпаниясига раҳбар этиб тайинланди.
Изоҳ (0)