Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 11 август куни БМТнинг Марказий Осиё учун прeventив дипломатия бўйича минтақавий маркази (МОПДММ) раҳбари Петко Драганов билан учрашди.
Вазирлик матбуот хизматининг маълум қилишича, жаноб Драганов «Марказий Осиё — Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналиши» номли халқаро конференцияда иштирок этиш учун Тошкентга ташриф буюрган эди.
«Суҳбат чоғида форум мавзуси юзасидан фикр алмашилди. Учрашувда минтақа кун тартибининг бошқа масалалари ҳам муҳокама қилинди», — дейилади вазирлик ахборотида.
Таъкидланганидек, мазкур учрашув жорий йилнинг ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида БМТ шафелигида бўлиб ўтадиган «Марказий Осиё: бир ўтмиш ва бир келажак, барқарор ривожланиш ва ўзаро фаровонлик учун ҳамкорлик» номли халқаро конференциянинг дебочаси ҳисобланади.
Мазкур тадбирга нафақат минтақа мамлакатлари, балки дунёнинг бошқа давлатлари ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари, етакчи халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари таклиф қилинган ва улар ўз иштирокларини тасдиқлашди.
Изоҳ (0)