Актёр, қўшиқчи ва мусиқачи Глен Кэмпбелл 8 август, сешанба куни 81 ёшида вафот этди. Бу ҳақда қўшиқчининг расмий сайтига жойлаштирилган хабарга асосланиб, «ТАСС» хабар берди.
«Оғир қайғу билан шуни маълум қиламизки, ажойиб турмуш ўртоқ, ота, бобо ва афсонавий қўшиқчи ҳамда гитарачи Глен Трэвис Кэмпбелл Альцгеймер касаллиги билан узоқ ва мардонавор курашдан сўнг, 81 ёшида вафот этди», — дейилади хабарда. Таъкидланишича, қўшиқчи Теннеси штатидаги Нэшвилл шаҳри шифохонасида оламдан ўтган.
Ярим асрлик ижоди давомида Кэмпбелл 70 дан ортиқ альбом чиқарган бўлиб, уларнинг умумий тиражи 40 миллион нусхадан ортади. Бир неча бор Grammy мукофотини қўлга киритган. 2005 йилда унинг исми Нэшвиллнинг кантри-мусиқа шуҳратлар зали рўйхатига киритилган.
Кэмпбелл 1936 йилда Арканзас штатида туғилган. У ўз ижод фаолиятини Фрэнк Синатра, Элвис Пресли каби қўшиқчилар, шунингдек, Тhе Beach Boys мусиқий гуруҳида гитарачи сифатида бошлаган. 1960 йилда яккахон ижод қилишга ўтган. 1977 йилда унга Genlte on My Mind ҳамда By the Time I Get tо Phoenix қўшиқлари учун бир вақтнинг ўзида иккита йўналиш бўйича Grammy мукофоти топширилган.
Изоҳ (0)