Ўзбекистон Президентининг 1 августдаги фармойиши билан ногиронларни қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлашга қаратилган махсус комиссия ташкил этилди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.
Комиссия таркибига бош прокурор, омбудсман, 12 вазирлик ва давлат қўмиталари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази, ННТ миллий ассоциацияси ва ногиронлар жамияти раҳбарлари кирди.
Ҳужжатда соғлиқни сақлаш, халқ таълими, олий ва ўрта махсус таълим, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликларининг ногиронларни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги фаолияти қониқарсиз эканлиги комиссия ташкил этишига асос сифатида айтиб ўтилган.
Туғма ва наслий касалликларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар кутилган натижани бермаяпти. Чақалоқларни перинатал скрининг кўригидан ўтказиш туғма нуқсонларни ўз вақтида аниқлашни ва ногиронликнинг кейинчалик олдини олишни таъминламаяпти, дейилади ҳужжатда.
Ёш болаларни ялпи комплекс скрининг кўригидан ўтказишни ташкил этиш ва олиб боришдаги камчиликлар реабилитация тадбирларини амалга ошириш учун қулай фурсатнинг бой берилишига ҳамда болалар ногиронлиги пайдо бўлишига олиб келмоқда.
Ногиронлик гуруҳини аниқлаш ҳамда протез-ортопедия ва реабилитация техника воситалари билан таъминлашда тиббий-маслаҳат комиссиялари ва тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари фаолиятидаги бюрократик тартиб-таомиллар бартараф этилмаган.
Ногиронларни ҳисобга олишнинг комплекс тизими мавжуд эмаслиги, замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг етарлича жорий этилмаганлиги ногиронларнинг ижтимоий аҳволини мониторинг қилиш ва уларга ўз вақтида зарур тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш имконини бермаётгани қайд этилган.
Ногиронликни аниқлаш учун тиббий-ижтимоий экспертиза ўтказишда қўлланилаётган мезонлар 40 йил аввалги услубиётга асосланган, мазкур соҳада чуқур илмий тадқиқотларнинг мавжуд эмаслиги бу муаммони янада кучайтирмоқда.
Ногиронларга таълим бериш ва уларни ишга жойлаштиришнинг амалдаги тизими замонавий талабларга жавоб бермайди. Ногиронларни меҳнат фаолиятига жалб этиш ўртача 2 фоизни ташкил қилади, бу эса масъул идораларнинг ушбу соҳадаги иши қониқарсизлигидан далолат беради.
Комиссиянинг асосий вазифалари қуйидагилардир:
- Қонунчиликни нуқсонлар, камчиликлар ва коррупциоген омиллар мавжудлиги нуқтаи назаридан инвентаризация ва таҳлилдан ўтказиш;
- Ногиронларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, уларнинг таълим ва ишга жойлашиш ҳуқуқлари реализациясининг аҳволи, шунингдек, ногиронларни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги органлар фаолиятини танқидий нуқтаи назардан ўрганиб чиқиш;
- Шаффофликни ошириш, жараёнлардан ўтишни осонлаштириш ва мухлатларини қисқартириш мақсадида тиббий-квалификацион комиссиялар ва тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари фаолиятини қайта кўриб чиқиш;
- Ногиронларни ижтимоий реабилитация қилиш, уларни професонал тайёрлаш, қайта тайёрлаш, шунингдек, малакасини ошириш, биринчи навбатда, ногиронларни иш билан таъминлаш соҳасидаги ишларнинг аҳволини таҳлил қилиш;
- Ногиронларнинг жамоат транспортидан, ижтимоий ва бошқа инфраструктура объектларидан тўсиқсиз фойдаланишининг аҳволини таҳлилдан ўтказиш;
- Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни таъминлаш, туғма ва наслий касалликларни барвақт аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш соҳасидаги қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш, шунингдек, аҳолининг кенг қатламлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишни, шу жумладан, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш ишларини тубдан кучайтириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш.
Изоҳ (0)