Тошкент ахборот технологиялари университетида 5 июль куни қўлга тушган «формали зайчиклар» ҳақидаги хабар 1 август куни бўлиб ўтган тест имтиҳонларидаги қоидабузарлар сонини кескин камайтирди. Бу ҳақда ТАТУ қабул комиссияси масъул котиби Дилмурод Давронбеков «Газета.uz»га маълум қилди.
Давронбековнинг сўзларига кўра, ТАТУнинг махсус факультетига ўқишга кириш бўйича 5 июль куни бўлиб ўтган тест имтиҳонлари вақтида биометрик назорат тизими имкониятлари синаб кўрилган.
Унинг натижасида қўлга тушган 16 «зайчик» ҳақидаги хабарлар қонунга зид йўл билан ўқишга кириш ниятида бўлганларни ҳушёр қилган.
«‘Формали зайчиклар’ ҳақида ОАВда чиққан хабарлардан сўнг, ҳужжатларини қабул комиссиясидан қайтариб олган абитуриентлар сони табиий равишда ошиб, камида 50 тага етди», — дейди Давронбеков.Аввалроқ ТАТУда 1 август куни бўлиб ўтган тест имтиҳонлари давомида абитуриентлар киришини биометрик назорат қилиш тизими ўзининг самарадор эканини кўрсатгани ҳақида хабар берилган эди. Хусусан, университетнинг бош биносида имтиҳон топширган 5000 абитуриентдан камида иккитаси тизимни алдашга уринган вақти қўлга тушган.
Изоҳ (0)