Анжелина Жоли Брэд Питт билан ажрашганидан кейинги биринчи интервьюсида Камбоджадаги қизил кхмерлар ҳаракатига бағишланган «Улар дастлаб отамни ўлдирди» фильми ҳақида ҳикоя қилди. Бу ҳақда TJournal хабар бермоқда.
Фильм сценарийсига Пол Пот ҳукмронлиги даврида геноцидни бошидан кечирган ёзувчи Лун Уннинг китоби асос қилиб олинди. Суратга олиш гуруҳи Лун Ун ролига аксарияти болалар уйи, цирклар ва интернатларда катта бўлган бир неча болани танлади.
Жоли уларни бир хонага йиғиб, олдиларига пулларни қўйди ва бир неча купюрани ўғирлашни сўради. Агар режиссёр ёки гуруҳдан кимдир болани тутиб олса, у пуллар нима учун керак бўлганини изоҳлаб бериши лозим эди.
Танловда ўғирланган пуллар ўлган бобосини муносиб кўмиш учун зарур бўлганини баҳона қилган Сри Мучига насиб этди. Жолига кўра, ғаройиб кастинг ҳақиқий қийинчиликларни бошидан кечирган актрисани топиш учун керак бўлган.
Twitter фойдаланувчилари Жолини болаларга нисбатан шафқатсиз муносабатда айблади ва у 2012 йилдан бери БМТнинг қочқинлар масалалари бўйича элчиси ҳисобланишини эслатди. Фильм премьераси 2017 йил февралида Камбоджада бўлиб ўтди, йил охирида эса Netflix сервисида жойлаштирилади.
Изоҳ (0)