2013 йил 24-октябрда Теrrа Group МЧЖ, Primе Мedia МЧЖ, Gаmmа Promotion МЧЖ фаолиятида солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари бўйича жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси маълум қилди, деб хабар берди «Газета.uz».

Фото: «Газета.uz»

Мазкур жиноят ишини тергов қилиш давомида Гулнора Каримова, 1972 йил 8 июлда Фарғона вилоятида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти олий, Сиёсий тадқиқотлар маркази директори лавозимида ишлаган, Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани, Й. Ғуломов кўчаси, 77«а»-уйда рўйхатда турган, 2001—2012 йилларда Н. Содиков, 2013 йилнинг январь ойидан октябр ойига қадар Р. Мадумаров раҳбарлик қилган уюшган гуруҳнинг жиноий фаолиятига бевосита кўмаклашиб келганлиги аниқланган.

Жумладан, Г. Каримованинг назорати остида ва кўмагида уюшган жиноий гуруҳ аъзолари 2001—2013 йилларда қуйидаги бир қатор жиноятларни содир этишган, хусусан:

— фуқаролар ва тадбиркорларнинг 54,1 миллиард сўмлик пул маблағлари, акциялари, улушлари ва мулкий объектларини товламачилик йўли билан эгаллаш (Г. Гаибназаровнинг «Тошкент рангли металл парчалари ва чиқиндиларини қайта ишлаш заводи» ОАЖ ва «Ангрен-цемент» МЧЖдаги 4,1 миллиард сўмлик акциялари, 4 миллион АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағлари, 17,3 миллиард сўмлик 2 та квартираси, 4 уй-жойи (ҳовли) ва 8 та автомашинаси, Ш. Аҳмедовнинг KOLORPAK ва «Нашриёт уйи тасвир» МЧЖдаги 1,9 миллиард сўмлик улуши ва бошқалар);

— турли корхоналардаги давлатга тегишли акциялар ва улушларни сотиб олиш, мулкий объектларни хусусийлаштириш ва маҳсулотларни паст нархларда сотишда 344,6 миллиард сўмлик давлат мулкини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш («Ўздунробита» ҚКдаги 131,9 миллиард сўмлик (49%), «Coca-Cola Ичимлиги Uzbekistan LTD» МЧЖ шаклидаги ҚКдаги 14,6 миллиард сўмлик (67,1%), Rubicon Wireless Communication МЧЖ шаклидаги ҚКдаги 9,6 миллиард сўмлик (30%) давлат улуши, 20,4 миллиард сўмлик 50 та кўчмас мулк объектлари ва бошқалар);

— даромадларни (1 триллион 570,3 миллиард сўм), кўрсатилган хизматлар, ишлар ва сотилган маҳсулотлардан тушумларни (253,9 миллиард сўм) камайтириб кўрсатиш, имтиёзларни ноқонуний қўллаш (266,2 миллиард сўм), текинга хизмат кўрсатиш, ортиқча асосий воситалар шаклида солиққа тортиш базасини камайтириш ва бошқа йўллар билан (994,3 миллион сўм) уюшган жиноий гуруҳ назоратидаги хўжалик юритувчи субъектлар ва оффшор компаниялар фаолиятида 2 триллион 91,4 миллиард сўмлик солиқларни тўлашдан бўйин товлаш;

— жиноий жавобгарликдан бўйин товлаш мақсадида уюшган гуруҳ назоратидаги хўжалик юритувчи субъектлар ва оффшор компаниялари фаолияти билан боғлиқ ҳужжатларни нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ва уларни яшириш.

Ушбу эпизодлар бўйича Гулнора Каримовага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир қатор моддалари (165, 167, 179, 184, 227 ва бошқалар) билан айблов эълон қилинган.

Гулнора Каримованинг ушбу жиноятларни содир этишдаги айби уюшган жиноий гуруҳ аъзолари Н.Содиков, Р.Мадумаров, Ш. Сабиров ва бошқаларнинг, гувоҳлар, жабрланувчиларнинг кўрсатувлари, уюшган гуруҳ назоратидаги 45 та хўжалик юритувчи субъектлар ва 16 та оффшор компаниялар фаолиятини текшириш материаллари, олинган ёзма ва ашёвий далиллар, экспертиза хулосалари ҳамда иш бўйича тўпланган бошқа далиллар билан ўз тасдиғини топган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2015 йил 21 августдаги ҳукми билан Гулнора Каримова айбланаётган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган ва унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Бундан ташқари, Гулнора Каримовага нисбатан уюшган жиноий гуруҳга қуйидаги жиноятларни содир этишга кўмаклашиш ҳолатлари бўйича алоҳида иш юритувга ажратилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда:

— давлат органлари ваколатларини асоссиз ўзлаштирган ҳолда, радиочастота ресурслари ва ер участкаларини ноқонуний реализация қилишда фирибгарлик (595 миллион АҚШ доллар ёки 866,7 миллиард сўм), хизматларга ҳақ тўлашда мобил алоқа операторлари абонентларидан қўшимча тўловларни асоссиз ундириш (390 миллиард сўм) йўли билан ўзганинг 1 триллион 256,7 миллиард сўмлик мол-мулкини эгаллаш;

— турли шахсларнинг манфаатларини «илгари суриш» учун уюшган жиноий гуруҳнинг оффшор компаниялари ҳисоб рақамига «бўнаклар» олиш (869,3 миллион АҚШ доллар ва 29 миллион евро), радиочастота ва ер участкаларини ноқонуний сотиш (520 миллион АҚШ доллар), улушларни сотиш ва дивидендларни тўлаш ниқоби остида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни чет элга олиб чиқиб кетиш (439,6 миллион АҚШ доллар), нақд пул маблағларини ноқонуний олиб чиқиб кетиш (98 миллион АҚШ доллар), нақд пул тушумларини инкассация қилмаслик (11,2 миллион АҚШ доллар), экспорт қилинган товарлар ва хизматлар тушумидан мажбурий 50% лик сотувни амалга оширмаслик (4,6 миллион АҚШ доллар), товарларни сунъий оширилган нархларда импорт қилиш (129,7 минг АҚШ доллар ва 45,8 минг евро) йўли билан 1 миллиард 942,8 миллион АҚШ доллар ва 29,1 миллион евро миқдоридаги хорижий валютани яшириш;

— декларацияларда импорт қилинган товарлар миқдорини тўлиқ кўрсатмаслик ва уларнинг нархини камайтириб кўрсатиш (386,3 миллиард сўм), олиб чиқилган нақд хорижий валютани божхона назоратидан яшириш (98 миллион  АҚШ доллар ёки 209,4 миллиард сўм), экспорт қилинган маҳсулот қийматини пасайтириб кўрсатиш (11,9 миллиард сўм) йўли билан жами 607,6 миллиард сўмга божхона қонунчилигини бузиш;

— товарларни сотиш, бажарилган ишлар ва хизматлардан тушумларни инкассация қилмаслик (294,9 миллиард сўм), пул маблағларини ноқонуний нақдлаштириш (278 миллиард сўм) йўли билан жами 572,9 миллиард сўмга савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш;

— ҳужжатларни қалбакилаштириш ва улардан уюшган гуруҳнинг жиноий фаолиятига қонуний тус бериш мақсадида фойдаланиш;

— турар ва нотурар объектларни, бошқа мол-мулкларни сотиб олиш, уюшган жиноий гуруҳ назоратидаги оффшор компаниялар ўртасида сохта контрактлар бўйича пул ўтказмаларини амалга ошириш йўли билан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш.

Ушбу ҳолатлар бўйича Г. Каримовага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168, 178, 182, 189, 228 ва 243-моддалари билан айблов эълон қилинган ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Каримовага айблов иш бўйича тўпланган далиллар, шу жумладан, уюшган жиноий гуруҳ аъзолари, гувоҳлар, жабрланувчиларнинг кўрсатувлари, уюшган гуруҳ назоратидаги 14 та фирма ва 16 та оффшор компаниялар фаолиятини текшириш материаллари, олинган ёзма ва ашёвий далиллар, экспертиза хулосалари асосида эълон қилинган.

Қайд этилган 2 та жиноят иши бўйича давлат ва фуқаролар манфаатларига етказилган зарарнинг умумий суммаси 1 трлн. 270 млрд. 200 миллион сўм, 1 млрд. 651,8 миллион АҚШ доллар, 26,1 миллион евро (миллий валютада жами 3 трлн. 746,8 миллион сўм)ни ташкил этади.

Тергов материаллари бўйича ҳозирда 12 та хорижий мамлакатлар ҳудудида уюшган жиноий гуруҳнинг 1 млрд. 394,1 миллион АҚШ доллар, 63,5 миллион евро, 27,1 миллион фунт ва 18,5 миллион франк миқдордаги легаллаштирилган маблағлари аниқланган, шу жумладан:

Швейцарияда — 777,8 миллион АҚШ доллар миқдорида пул маблағлари ва Колони шаҳрида нархи 18,5 миллион франк бўлган кўчмас мулк (вилла);

Швецияда — 30 миллион АҚШ доллар миқдорида пул маблағлари;

Буюк Британияда — 4,2 миллион фунт миқдорида пул маблағлари, Лондон шаҳрида умумий нархи 22,9 миллион фунтлик уй-жойлар, квартиралар ва виллалар;

Франциянинг Париж шаҳрида — квартиралар ва Шато де Грусси қасри, Сантропе шаҳрида — вилла (умумий нархи 52,5 миллион евро);

Латвияда — 16,5 миллион АҚШ доллар миқдоридаги пул маблағлари ва қимматли қоғозлар, Рига шаҳрида парк ҳудудидаги умумий нархи 9 миллион евро бўлган кўнгилочар марказ;

Ирландияда — 300 миллион АҚШ доллар миқдоридаги пул маблағлари ва қимматли қоғозлар;

Мальта оролида — нархи 48,8 миллион АҚШ доллар бўлган самолёт;

Германияда — 2 миллион евро миқдоридаги пул маблағлари;

Испанияда — 82 минг АҚШ доллар миқдоридаги пул маблағлари;

Россияда — 6 миллион АҚШ доллар миқдоридаги пул маблағлари, умумий нархи 2 миллион АҚШ доллар бўлган Москва шаҳри «Камелот» турар жой комплексидаги «пентхаус», «Рубльёвка» массивидаги ҳашаматли турар жой ва 8 та квартира, Ялта шаҳридаги меҳмонхона комплекси, турар жой ва ер участкаси;

Гонконгда — 67 миллион АҚШ доллар миқдоридаги пул маблағлари, Тhе Аrch осмонўпар биносида нархи 15 миллион АҚШ доллар бўлган «пентхаус»;

Бирлашган Араб Амирлигида — 32 миллион АҚШ доллар миқдоридаги пул маблағлари, 31,5 миллион АҚШ доллар миқдоридаги олтин ва олтин сертификатлари, Дубай шаҳрида умумий нархи 67,4 миллион АҚШ доллар бўлган «пентхаус», 2 та вилла ва 2 та меҳмонхона комплекслари аниқланган.

Халқаро ҳамкорлик доирасида хорижий мамлакатларнинг ваколатли органларига тергов органларининг уюшган жиноий гуруҳнинг юқорида қайд этилган активларини хатлаш тўғрисидаги қарорлари юборилган.

Ҳозирги кунда уюшган жиноий гуруҳнинг бошқа активларини аниқлаш ва уларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича тезкор-тергов тадбирлари давом эттирилмоқда.