Россия Афғонистонда «Толибон» радикал ҳаракатини қурол-яроғ билан таъминламайди, жангариларнинг қўлидаги Россияда ишлаб чиқарилган қуроллар эса Шарқий Европа орқали америкаликлар томонидан олиб кирилган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Россия ТИВ баёнот берди, деб хабар қилади «Интерфакс».
«Бир неча маротаба айтиб ўтганимиздек, айрим Ғарб ҳамда уларнинг гапларини такрорлаётган афғон ахборот каналларининг Россия гўёки толиблар ҳаракатини қўллаб-қувватлаётгани ҳақидаги айбловлари асоссиздир. Бугунги кунда Афғонистон расмийлари ҳам, АҚШ ва НАТОнинг Афғонистондаги контингентлари қўмондонлиги ҳам бу уйдирмаларни тасдиқлайдиган гувоҳликларни тақдим этмади», — дейилади Россия ТИВ сайтида чоп этилган баёнотда.
«Россия бу ҳаракатни қўллаб-қувватламайди, толиблар билан алоқаларни эса фақатгина Афғонистондаги Россия фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, ушбу ҳаракатни миллий ярашув жараёнига қўшилишга чақириш учун олиб боради», — қўшимча қилди ТИВ вакиллари.
Муқаддам АҚШ матбуотида толиблар қўлидаги Россияда ишлаб чиқарилган эски ўқотар қуроллар кўрсатилган видеоматериаллар келтирилган эди. ТИВ бунга изоҳ бераркан, бу қуролларнинг келиб чиқишини аниқлашнинг имкони йўқлигини таъкидлаб ўтди.
Изоҳ (0)