Янгиқўрғон туманининг Поромон қишлоғида 5 йиллик танаффусдан сўнг ёш ижодкорларнинг «Поромон анжумани» ўз фаолиятини тиклади. Бу ҳақда «Дарё»га туман ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
«Поромон анжумани» бундан 20 йил аввал, таниқли шоир ва фолклоршунос Робиддин Исҳоқов таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан ташкил этилганди. Ўтган йиллар давомида анжуман кўплаб ёш истеъдод соҳибларини кашф этди. Улар қаторида Меҳриноз Аббосова, Ойгул Асилбекова, Беҳзод Фазлиддин ва бошқа номларни санаб ўтиш мумкин.
— Беш йил давомида мазкур тадбир турли сабабларга кўра ўтказилмай келинаётган эди. Биз учун қадрли бўлган анжуман фаолиятини қайта тиклаш, кўламини янада кенгайтиришга қарор қилинди. Энди сўлим Поромон қишлоғи водий ижодкорларини ҳам ўз бағрига олади, — дейди Ўзбекистон ижодкор ёшлар уюшмаси раиси, Зулфия мукофоти соҳибаси Меҳриноз Аббосова.
Тадбир доирасида Робиддин Исҳоқов таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан хотира кечаси ва ёзувчи Нуруллоҳ Аббосхоннинг «Устоз» биографик романи тақдимоти ҳам ўтказилди. Ёшлар мушоираси, устозлар билан мулоқотлар қизғин тус олди. Анжуман иштирокчилари ташаккурномалар ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Изоҳ (0)