Тошкент шаҳридаги Дўмбиробод қабристонининг бир қатор участкаларида дарахт кесиш ишлари вақтида қабртошлар, ёдгорликлар бузилгани ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларда қизғин баҳсларга сабаб бўлган эди. «Nuz.uz» нашри фуқароларга хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Х. Расулов билан боғланиб, ундан юзага келган вазият ҳақида изоҳ олди.
«Вайрон бўлаётган ёдгорликлар мармар увоғидан ясалган, улар 1999 йилда қилинган. Бундай ёдгорликлар узоққа бормайди — 5—7 йил хизмат қилади, холос. Вақт ўтиши билан, шамол ва ноқулай об-ҳаво таъсирида дарахтлар қулайди ва ёдгорликлар вайрон бўлади», — деди Расулов.
Унинг қўшимча қилишича, яқинда шаҳар ва Чилонзор тумани ҳокимлари Дўмбирободдаги қабристонга шахсан ташриф буюрган. Уларнинг кўрсатмаларига биноан бу ерда ҳашар ташкил қилинган. Яқин икки кун ичида қабристон ҳудудида ободончилик ишлари амалга оширилади, дарахтлар кесилади. Фуқаролар сўровига кўра, ҳашарга жалб қилинган ишчилар ёдгорликларни қайта тиклаш билан шуғулланади.
Изоҳ (0)