Буюк Британия тахти валиаҳди, Кембриж герсоги Уильям ва унинг укаси шаҳзода Гарри 24 июль куни ITV телеканали эфирида чиқадиган ҳужжатли фильмида биринчи марта ўз оналари — малика Диана ҳақида гапириб беради. Бу ҳақда «Корреспондент.net» хабар қилмоқда.
«Диана, менинг онам: унинг ҳаёти ва мероси» фильмида шаҳзодалар маликанинг сўнгги қўнғироғи ҳақида ҳам гапириб беради.
Фожиадан бир неча соат олдин Диана хоним Париждан туриб Балморал саройига, ўғилларига қўнғироқ қилди. У ерда шаҳзодалар оталари, шаҳзода Чарльз ва қиролича Елизавета II билан бирга бўлиб турган эди.
Шаҳзода Гаррининг сўзларига қараганда, у ота-онаси билан телефонда гаплашишни ёқтирмаган ва гўшакни хоҳламасдан кўтарган.
«Унга нима деб жавоб берганимни эслолмайман, аммо кейинги ҳаётим давомида бу суҳбат қисқа бўлганидан афсусланганман. Агар бу охирги суҳбат бўлишини билганимда унга айтишим лозим бўлган ҳамма нарсани айтардим. Орқага қарарканман, бунинг қийинлигини тушунаман», — деди шаҳзода.
Уильям қўнғироқ пайтида у укаси билан вақтини чоғ ўтказаётганини ва суҳбатни тезроқ тугатишга ҳаракат қилганини эсга олди.
«Мен ва Гарри у билан хайрлашишга шошилдик. Бу телефон суҳбати хотирамга ўрнашиб қолди», — деди герсог.
Малика Диана 1997 йил 31 августда Парижда ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлган эди. У пайти шаҳзода Уильям 15, шаҳзода Гарри эса 12 ёшда эди.
Изоҳ (0)