Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 12 июль куни парламент палаталари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари фаолиятининг таҳлили ҳамда истиқболдаги вазифаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида депутат ва сенаторлар ўз фаолияти ҳақида сайловчиларни хабардор этиб бориш учун интернетда, ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларини очиб, зарур маълумотларни уларга киритиб боришлари лозимлиги бўйича таклифни илгари сурди. Бу ҳақда 1News хабар бермоқда.
Унинг сўзларига қараганда, шундай парламент вакиллари ҳам борки, ўтган қарийб икки ярим йил мобайнида муҳокама этилаётган қонун лойиҳалари ва масалалар бўйича бирон марта ҳам маъруза қилмаган, уларга муносабат билдирмаган ёки маъруза юзасидан чиқишлар қилмаган, улар фақатгина кўр-кўрона овоз бериш билан шуғулланган.
«Афсуски, бу — аччиқ ҳақиқат. Депутат ва сенаторлар ўз фаолияти ҳақида сайловчиларни хабардор этиб бориш учун интернетда, ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларини очиб, зарур маълумотларни уларга киритиб боришлари лозим. Дунёдаги кўпгина мамлакатлар аллақачон шу тизимга ўтган. Бу борадаги ишларни ташкил этиш вазифаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги раҳбари Ш. Шерматовга топширилади», — деди Мирзиёев.
Изоҳ (0)