Ўзбекистонлик футболчи Азиз Ибрагимов фаолиятини Латвиянинг «Спартак» клубида давом эттиради, деб ёзди ЎФФ матбуот хизмати.
30 ёшли футболчи қишда Эроннинг «Машинасози» клуби сафига бориб қўшилганди. Энди эса Юрмала клуби уни ўз сафига қўшди. Шартноманинг қанчага мўлжаллангани борасида маълумот берилмаган.
Азиз Ибрагимовнинг Ўзбекистондаги сўнгги клуби «Бухоро» бўлиб, у 43 та ўйинда 16 та гол уришга эришган ва бухороликларнинг мавсумни 4-ўринда якунлашига кўмаклашганди. Бунга қадар Ибрагимов «Андижон», «Динамо» каби клубларда ҳам ўйнаган. Карьерасининг дастлабки йилларини «Трактор»да бошлаган, шунингдек, «Шўртан», «Машъал» каби клубларда ҳам тўп сурган.
2006 йил футболчи Словакиянинг «Слован» клубига ўтди, 2008 йил Чехиянинг «Богемианс» жамоаси шарафи у билан шартнома тузди. Кейинроқ ярим ҳимоячи Хитойнинг «Синдао Чжунен», Чехиянинг «Баник» ва «Динамо» клубларида ҳам ўйнади.
Азиз Ибрагимов Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 17 та ўйинда майдонга тушиб, 3 та гол уришга муваффақ бўлган.