Нью-Йоркда собиқ шифокор Бронкс-Лебанон касалхонасида отишма уюштириши оқибатида бир киши ҳалок бўлди, олти нафар инсон жароҳат олди, деб хабар берди Meduza.
Ҳалок бўлган фуқаро касалхонада шифокор бўлиб ишлаган. Шунингдек, жароҳат олганлар орасида касалхона ходимлари ҳам бор, улардан беш нафарининг аҳволи оғир.
Хабар берилишича, ҳужумни уюштирган шахс AR-15 милтиғини касалхона ҳудудига тиббиёт ходимлари кийими остида яшириб олиб кирган. У полиция етиб келгунига қадар ўзини отиб ўлдирган. Бундан олдин у ўзини ёқиб юборишга ҳаракат қилган.
ОАВ маълумотларига кўра, ҳужумни ушбу касалхонада оилавий шифокор бўлиб ишлаган 45 ёшли Генри Белло уюштирган. Associated Press’нинг маълум қилишича, 2015 йилда у жинсий тегажоқликда айбланиб, ишдан бўшашга мажбур бўлган.
Reuters агентлиги уни асли АҚШга кўчиб келган Нигерия фуқароси деб ёзмоқда.
Изоҳ (0)