Оқ уй Россияга қарши санкциялар қўллашда мослашувчанликни сақлаб қолишни истайди. Бу ҳақда АҚШ президенти матбуот котиби Шон Спайсер маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».
«Ижро ҳокимияти мақсадга самарали эришиш учун санкциялар қўллаш борасида ваколатлар ва мослашувчанликни сақлаб қолиши зарур. Бизни Конгресс уларни қандай расмийлаштираётгани ва бу ижро ҳокимияти ваколатларига путур етишига олиб келиши мумкинлиги ташвишга солмоқда», — деди Спайсер.
АҚШ Конгресси Сенати ўтган ҳафтада кўпчилик овоз билан Эронга қарши санкциялар ҳақидаги қонун лойиҳасини қабул қилди. Унга Россияга нисбатан санкцияларни мустаҳкамлаш ва кучайтиришга қаратилган чоралар ҳам алоҳида пакет тариқасида киритилди.
Энди Вакиллар палатаси ушбу қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаши ёки ўз вариантини таклиф этиши зарур. Ўзаро келишувдан сўнг якуний матн имзолаш учун АҚШ президентига юборилади.
Изоҳ (0)