АҚШ президенти Барак Обама Россиянинг 2016 йилги президент сайловига аралашувини жавобсиз қолдирмаслик учун электрон чора-тадбирлар кўриш ҳақида топшириқ берган эди. Бу ҳақда The Washington Post газетасининг 23 июнь куни чоп этилган суриштирувида айтилди, деб хабар беради Meduza.
Айтилишича, гап махсус ишлаб чиқилган махфий дастур ҳақида кетмоқда — у Россия электрон инфраструктурасидаги заифликларни аниқлайди ва унинг тармоқларига керакли вақтда бутун тизимни ишдан чиқара оладиган имплантларни жойлаштиради.
Имплантларни ишлаб чиқиш АҚШ миллий хавфсизлик агентлигига топширилган. АҚШ ҳукумати улардан Россия томонидан янги тажовуз амалга оширилган тақдирда фойдаланиши мумкинлиги айтилмоқда.
Ҳозирча операция бошланғич паллада турибди. Дастурни баҳолаш топширилган идоралар имплантларни назорат қилиш қийин дастурлар деб баҳолади, аммо айрим ҳолатларда уларнинг қўлланиши Россиянинг тажовузига муносиб жавоб бўлади, деган хулосага келди.
Дастурдан фойдаланиш-фойдаланмаслик ҳақидаги қарорни Обаманинг давомчиси — Дональд Трамп қабул қилади. Лекин унинг устидаги ишларни давом эттириш учун махсус хизматларга президентнинг маъқуллаши талаб этилмайди. Шу билан бирга, янги президент махсус буйруқ билан лойиҳани тўхтатиши мумкин, аммо бундай буйруқ ҳозирча берилмаган.
Суриштирувда, шунингдек, Барак Обама маъмурияти Россиянинг хакерлик ҳужумларига қарши кўрган бошқа чораларига ҳам ўрин берилган.
2016 йил августида Марказий разведка бюроси директори Жон Бреннан Оқ Уйга махфий ҳисобот берган. Ҳисоботда киберҳужумларга шахсан Владимир Путин топшириқ бергани айтилган. Ҳужумлардан кўзланган мақсад Ҳиллари Клинтоннинг сайловдаги ғалабасига тўсқинлик қилиш эди. Жавоб чоралари ҳақида Обама фақат ўша йилнинг декабрида маълум қилди — ўшанда Россияга нисбатан янги санкциялар эълон қилиниб, 35 нафар россиялик дипломат АҚШдан чиқариб юборилган эди.
Обама шунингдек АҚШ ўз билганича жавоб чоралари кўришини айтиб ўтган эди. Бу чоралар доирасида қатор киберҳужумлар уюштирилган, аммо Кремль уларнинг барчасини осонлик билан бартараф қилган эди. Ҳужумлардан кўзланган мақсад Россияга АҚШнинг киберимкониятларини кўрсатиш эди.
Аммо бу чораларни президент маъмурияти етарли деб топмаган. Шунга қарамай, мансабни тарк этишидан олдин Обама Россияга қарши кескин баёнотлар билан чиқмасликка қарор қилган.
28 декабрь куни The Washington Post Обама маъмурияти Россия ҳужумларига қарши жавоб чоралари бўйича фармонни қайта кўриб чиқишга уринганини маълум қилган эди, лекин имплантлар лойиҳаси ҳақида фақат 23 июнь куни маълум бўлди.
Изоҳ (0)