АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция Суриядаги самолётлар диспозицияси —жойлашувини ўзгартиришга қарор қилди. Бу ҳақда АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари марказий қўмондонлиги вакили Дамиан Пикарт маълум қилди, дея хабар беради «Газета.ru».
«Сурия тузуми ва Россия кучлари билан боғлиқ яқиндаги тўқнашувлар туфайли Сурия осмони устида самолётларни қайта йўналтиришга қаратилган чораларни қабул қилдик. Бу ИШИД марраларига ҳужумни давом эттирган ҳолда жанг ҳудудидаги маълум хатарларни инобатга олиб, экипажларимиз хавфсизлигини таъминлашга қаратилган», — деди Дамиан Пикарт.
Эслатиб ўтамиз, олдироқ Россия мудофаа вазирлиги ҳаводаги кўнгилсизликларни бартараф қилиш борасида Пентагон билан ҳамкорлик қилишни тўхтатганини маълум қилди. Бунга 18 июнь куни Сурия ҳарбий-ҳаво кучларининг Су-22 самолёти АҚШ томонидан уриб туширилгани сабаб бўлди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)