Шавкат Мирзиёев «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш — давр талаби» мавзусида анжуман доирасида сўзлаган нутқида меҳнат муҳожирлари масаласига тўхталиб ўтди.
«Россия Федерациясига давлат ташрифи чоғида меҳнат миграцияси бўйича муҳим келишувга эришдик. Бизнинг бу борадаги позициямиз аниқ: одам қаерда бўлса ҳам ишлаши, оиласи, бола-чақасини боқиши керак. Лекин у ҳалол меҳнат қилиши, қонуний йўл билан даромад топиши лозим. Бунинг учун давлатимиз барча шароитларни яратиб беришга тайёр», — таъкидлади Президент.
«Аммо яратилган имкониятлардан тўғри фойдаланмасдан, эгри қадам босадиган, эл-юртимизга иснод келтирадиган кимсалар – уларни нонкўр десак, тўғри бўлади – бундай шахслар билан бошқача иш олиб борамиз. Буюк шоиримиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур айтганидек, ‘Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидур, Ҳар кимки жафо қилса, жазо топқусидур’», — қўшимча қилди давлат раҳбари.
Изоҳ (0)