Тошкент шаҳрида жойлашган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси биносида ШҲТнинг янги аъзо давлатлари — Ҳиндистон ва Покистон байроқлари кўтарилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати маълум қилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, ШҲТ МАТТ расмий вакиллари, хорижий давлатлар элчилари, ОАВ вакиллари иштирок этди.
Ташқи ишлар вазири ўринбосари Анвар Носиров 15 июнь куни нишонланадиган «ШҲТ куни» тантаналарида МАТТ Ижроия қўмитаси ҳудудида янги аъзо давлатлар байроқларини кўтариш маросими ўтказилаётганини қайд этди. Барчани мазкур воқеа билан табриклади.
Бундан 16 йил аввал айнан шу куни Шанхайда олти давлат – Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Хитой ва Ўзбекистон раҳбарлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотини тузиш тўғрисидаги декларацияни имзолаган эди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Пекин шаҳридаги ШҲТ Котибиятида ҳам шундай тадбир бўлиб ўтганди.
Изоҳ (0)