Франция президенти Эммануэль Макроннинг «Олға!» партияси 32,32 фоиз овоз тўплаб парламент сайловларида ғалаба қозонди. Бу ҳақда Le Figaro нашри Франция ИИВга асосланиб маълум қилди, деб хабар берди «РБК».
Ушбу кўрсаткич партияга кейин турда иштирок этиш имкониятини беради. Шундай қилиб «Олға!» партияси парламентдаги 577 ўриндан 440 тасини эгаллаши мумкин, дея тахмин қилинмоқда.
Иккинчи ўринни «Республикачилар» партияси 21,56 фоиз овоз билан эгаллади, учинчи поғонани эса «Енгилмас Франция» иттифоқи Франция коммунистик партияси билан биргаликда 13,74 фоиз овоз билан банд этди. Марин Ле Пеннинг «Миллий фронт» партияси эса атиги 13,2 фоиз овоз тўплашга муваффақ бўлди. Иккинчи турга ўтиш учун камида 12,5 фоиз овоз тўплаш керак.
Сайловда рекорд даражада кам, яъни сайловчиларнинг 48,71 фоизи иштирок этди. Бундан олдинги энг паст кўрсаткич 2012 йилда қайд этилган. Ўшанда сайловчиларнинг 57 фоизи иштирок этган эди.
Овоз беришнинг иккинчи тури 18 июнь куни бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)