АҚШ ҳукумати ўзи амалга оширмаган жиноят учун 17 йил қамоқда ўтирган Канзас-Сити фуқаросини озодликка чиқарди, деб ёзади «РИА Новости».
1999 йилда Ричард Жонс оғирлаштирувчи вазиятли ўғирликда айбланиб, 19 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Айблов фақат гувоҳлар кўрсатмаларига асосланган эди.
Маҳбус ўзини айбдор деб тан олмади ва ҳуқуқ ҳимоячиларига ёрдам сўраб мурожаат қилди. Улар жиноят жойи яқинида ташқи қиёфаси Жонсга жуда ўхшаш бўлган Рики исмли одам яшашини аниқлади.
«Ўз қиёфадошимнинг суратини кўргач, ҳаммасига тушундим», — деди Жонс.
Янги суд мажлисида гувоҳлар иккала эркакнинг ҳам суратларига қараб, энди Жонснинг айбдорлигига ишончлари комил эмаслигини маълум қилди. Янги кўрсатмалар туфайли, судья эркакка нисбатан ҳукмни асоссиз деб топди ва уни озодликка чиқарди.
Изоҳ (0)