Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида ўтаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги саммитида иштирок этмоқда, деб хабар берди ЎзА.
Саммит 9 июнь куни Остона шаҳрининг Мустақиллик саройида давлат раҳбарларининг тор доирадаги учрашуви билан бошланди. Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев раислигида ўтган учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин, Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев, Россия президенти Владимир Путин, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон иштирок этди.
Музокарада ШҲТ ва унинг органлари фаолиятини янада такомиллаштириш, ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, терроризм, диний экстремизм, гиёҳванд моддалар ва қурол-яроғ контрабандасига қарши биргаликда курашиш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Давлат раҳбарлари ШҲТнинг сўнгги саммитида келишилган масалалар – ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий-маданий, гуманитар ҳамда транспорт соҳаларидаги алоқаларни ривожлантиришга доир кенг кўламдаги масалаларни кўриб чиқдилар.
ШҲТнинг 2025 йилгача ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича 2016—2020 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар режасини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор, ШҲТга аъзо давлатларнинг туризм соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантириш дастури ва бошқа ҳужжатлар ижросига эътибор қаратилди.
Изоҳ (0)