АҚШ Федерал қидирув бюроси ва Конгресси мамлакат президентининг катта маслаҳатчиси ва куёви Жаред Кушнер Россия президенти Владимир Путин билан тўғридан-тўғри канал ўрнатишга уринган-уринмаганлигини аниқлаш ниятида. Бу ҳақда The New York Times газетаси маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
Москванинг гўёки АҚШдаги ўтган йилги сайловолди кампанияларига аралашишга уринганлиги юзасидан суриштирув олиб бораётган ФҚБ ва қонунчилик органлари ўтган йилнинг декабрида Кушнер ва Россиянинг АҚШдаги элчиси Сергей Кисляк ва Россия Ташқи иқтисодиёт банки раҳбари Сергей Горков билан учрашуви мазмунига яна қизиқиб қолди.
Нашр манбалари Трампнинг куёви шу йўл билан Россия раҳбари билан икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги мавжуд дипломатик каналлардан ташқарида амал қилувчи тўғридан-тўғри канални йўлга қўйишга умид қилганлигини истисно этмаяпти.
Бир қатор конгрессменлар шу муносабат билан маслаҳатчидан тушунтиришлар талаб қилган. Аввалроқ Кушнернинг адвокати Жейми Горелик унинг мижози Конгресс аъзолари олдида чиқиш қилишга ва уларга Россия Федерацияси вакиллари билан учрашуви тафсилотлари ҳақида маълум қилишга тайёр эканлигини билдирган.
Изоҳ (0)