Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй Брюссель мамлакатнинг Европа инвестиция банкидаги акциялари учун миллиардлаб фунт тўлаши лозим деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Telegraph маълум қилди, деб хабар беради «РИА Новости».
Мэйга кўра, Буюк Британия Brexit бўйича музокараларда мажбуриятлар қатори ҳисобга олиниши зарур бўлган молиявий ҳуқуқларга ҳам эга.
«Ўтмишда тўланган пуллардан келиб чиқиб, қиролликнинг қандай мажбуриятлари ёки ҳуқуқлари борлиги ҳақида гап-сўзлар кўп. Биз ҳуқуқларимизни ҳам, мажбуриятларимизни ҳам инобатга олишимизни аниқ-тиниқ кўрсатмоқдамиз. Инвестиция банки, инвестиция фонди, бошқа соҳалар бор. Бу музокараларнинг муҳим қисмига айланади», — таъкидлади Мэй.
Нашрнинг билдиришича, бош вазир илк бор Европа инвестиция банкидаги улушни сақлаб қолиш ниятини айтиб ўтди. Мамлакатнинг мазкур банкдаги улуши тахминан 10 миллиард еврога баҳоланади.
Изоҳ (0)