Ҳиндистон шимолидаги Уттаракханд штатидаги тоғда жойлашган Бадринатх ибодатхонасига ташриф буюрган қарийб 14 минг зиёратчи кучли кўчкилар оқибатида ташқи дунёдан узилиб қолди. Бу ҳақда Times of India газетасига асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, зиёратчилар орасида жабрланганлар йўқ. Кўчкилар Чамоли округидаги Ришикеш–Бадринатх шоссесининг 60 метрини ёпиб қўйган. Айнан мана шу шоссе ибодатхона мажмуасига элтадиган ягона йўл ҳисобланади. Ибодатхона Ҳимолай тоғи этакларида жойлашган.
Маҳаллий расмийлар зиёратчиларга ёрдам беришга тайёр эканини маълум қилди. Йўл хизмати ходимлари шоссени тозалаш бўйича ишларни бошлаб юборди. Йўл бугун кечга яқин тозалаб бўлиниши кутилмоқда.
Изоҳ (0)