Жорий йилнинг 22–28 май кунлари Тошкент шаҳрида «Ўзбеккино» Миллий агентлиги ва Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ҳамкорлигида V Европа кинолари фестивали ўтказилади. Бу ҳақда «Ўзбеккино» матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Мазкур фестиваль Ўзбекистонда 2013 йилдан буён мунтазам равишда ўтказилиб келинаётган бўлиб, асосий мақсад Европанинг замонавий фильмлари билан ўзбек жамоатчилигини таништиришдан иборат.
Фестиваль мобайнида Европанинг 11 давлати киноижодкорлари томонидан яратилган 13 та бадиий, ҳужжатли ва мультипликацион фильмлар намойиш этилиши кўзда тутилган.
Мазкур тадбирга бағишланган матбуот анжумани 19 май куни соат 12:00 да Республика Киночилар уйининг матбуот анжуманлари залида ўтказилади. Унда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги раҳбарияти ва Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари Эдуардс Стипрайс иштирок этиши белгиланган.
Шунингдек, фестивалнинг расмий очилиш маросими 22 май куни соат 19:00 Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий номидаги киносаройида бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)