Шимолий Кореяда ҳалигача машиналар деярли йўқ. Бундай ҳашамат фақат ҳукмрон элита ва давлат хизматчиларига насиб қилади — мамлакатда автомобиль билан таъминланганлик даражаси сайёрадаги энг паст кўрсаткичга тенг: бу ерда 1000 нафар аҳолига 0,22 та машина тўғри келади, деб ёзади «Quto.ru».
Автомобиль эгаси бўлиш учун қандайдир ноодатий ишни амалга ошириш керак (шунда олий раҳбариятдан автомобилни совға сифатида олиш мумкин). Шимолий кореяликларга чет эллик қариндоши ҳам ёрдам бериши мумкин. Аммо бу ҳолда бадавлат қариндошлар бир йўла иккита машина олиб келиши керак — иккинчиси давлат эҳтиёжлари учун топширилади.
Ёпиқ мамлакат автопаркининг асосини енгил машиналар эмас, юк машиналари, қишлоқ хўжалик техникаси ва бошқа утилитар транспорт ташкил этади.
Жамоат транспорти асосан 60—70 йилларда чиқарилган ва босган масофаси жуда катта бўлган «Карос» ва «Шкода», шунингдек, «Икарус»лардан иборат.
Шимолий Корея элитасининг энг севимли маркаси ҳамиша Mercedes-Benz бўлиб келган. Бу машиналарни оммавий тарзда сотиб олиш 60—70-йилларда бошланган. 80 йилларда эса муҳандислар Mercedes-Benz 190E конструкциясини ўрганиб чиқди ва минимал ўзгартиришлар билан унинг нусхаси — Kaengsaeng 88 машинасини яратди.
Шимолий Кореяда 50-йиллардан буён фаолият олиб борувчи Sungri motor plant корхонаси ҳозирги кунгача Achimkoy («Тонгги гул») моделини чиқариб келади, у Собиқ иттифоқнинг М-20 «Победа» автомобили тўлиқ нусхасидир.
90-йилларда Жанубий Корея билан ҳамкорликда очилган Pyeongwa Motors компанияси Хитойнинг лицензияли Brilliance автомобилларини, Италиянинг Fiat’и нусхаларини ва Dandong Shuguang йўлтанламасларини ишлаб чиқаради. Йилига юзлаб, жуда кам ҳолларда эса минглаб автомобиль ишлаб чиқарилса-да, уларни Вьетнамга ҳам экспорт қилишни уддалашади.
Изоҳ (0)