Украинада бўлиб ўтган «Евровидение» қўшиқ танловида Португалия вакили Сальвадор Собрал ғалаба қозонди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Хонанда ҳайъат аъзолари ва 42 давлат томошабинларининг энг кўп овозини олиш ва 758 балл тўплашга муваффақ бўлди. Иккинчи ўринни Кристиан Костов (Болгария, 615 балл), учинчи ўринни эса SunStroke Project гуруҳи (Молдова, 374 балл) эгаллади.
27 ёшли Сальвадор Собрал португал тилидаги Amar pelos dois («Икки кишининг севгиси») қўшиғини ижро этди. Европалик букмекерлар уни олдиндан танлов етакчиси сифатида эътироф этганди.
Хонанда илк репетицияларда саломатлигидаги муаммолар туфайли иштирок этмади. Собралда юрак нуқсони қайд этилган ва у мазкур орган кўчириб ўтказилишига муҳтож.
Шу билан бирга, Собрал ўзини Португалиянинг янги қаҳрамони деб ҳисобламаслигини билдирди.
«Ўйлашимча, ҳақиқий қаҳрамон бу — Роналду», — деди у ҳазиломуз оҳангда.
Изоҳ (0)