Европада хавфсизлик борасидаги ўзгаришлар асносида НАТОнинг Россияга муносабатида икки ёқлама стратегия муҳим ўрин тутади. Бу ҳақда Германия канцлери Ангела Меркель маълум қилди, дея хабар беради «Газета.ru».
«Германия, бир томондан, альянснинг барча ҳудудида ҳимояга тайёрлигини намойиш этиш, иккинчи томондан, Россия билан музокаралар тўхтаб қолмаслигига доимо ҳаракат қилиб келган», — дея таъкидлади Меркель.
Канцлер Қримнинг Россияга қўшиб олиниши ва Донбассдаги ҳарбий можаро Болтиқбўйи давлатлари ва Польшада, Молдовадаги вазият эса Руминия ва Болгарияда ташвиш уйғотганини эслатиб ўтди.
Меркелга кўра, бу мамлакатлар учун НАТОнинг юз бераётган воқеаларни эътиборсиз қолдирмаслиги ва қўшинларини Болтиқбўйи давлатларига юбориши муҳим аҳамиятга эга бўлган.
Эслатиб ўтамиз, Ангела Меркель 2 май куни Сочида Россия президенти Владимир Путин билан учрашди. Музокаралар давомида Германия канцлери Россия Минск келишувларини бажарган тақдирда Евроиттифоқ томонидан қўлланган санкциялар бекор қилинишига умид билдирди.
Изоҳ (0)