Францияда ИШИД террорчилик гуруҳига алоқадорликда гумонланувчи экстремист ҳужумни режалаштирганини тан олди, деб ёзади «Газета.ru».
5 май куни кечқурун Франция ғарбидаги Нормандия вилоятида Эврё ҳарбий базаси яқинида собиқ ҳарбий хизматчи ҳибсга олинди. У теракт тайёрлашда гумон қилинди.
34 ёшли эркак якка ўзи ИШИД номидан теракт уюштиришни режалаштирган. Сўроқ чоғида у шундай ниятда бўлганини тан олди.
Терговга яқин манба хабар қилишича, ИШИДга алоқадорлиги ҳақидаги баёнотини эркак видеога олган, у унинг машинасидаги флешкадан топилган.
Гумонланувчи 2013 йилда армиядан кетиб, сўнг ислом динини қабул қилган, 2014 йилдан буён у қаттиқ кузатув остида бўлган.
Ҳозирча ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари эркак ҳарбий база ёнида айнан нима иш билан машғул бўлгани ва унга кирган-кирмаганлигини аниқлай олмади. Ҳарбий базада Франция президенти Франсуа Олланд фойдаланадиган A330 самолёти ҳам жойлашган.
Изоҳ (0)