Facebook ижтимоий тармоғи фойдаланувчилари гуруҳида Multi MaFé ресторан комплекси томонидан «Чўқинтирган ота» фильмидаги парчалардан фойдаланиб жойлаштирилган реклама олиб ташланди, деб хабар берди Республика Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси матбуот хизмати.
Ушбу рекламада «Ҳатто Вито Карлеоне ҳам Multi MaFé’ни тавсия қилади» дейилган ва «Чўқинтирган ота» фильмидаги бош қаҳрамон — Марлон Брандо сурати кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикасининг «Реклама борасида»ги Қонунига биноан, рекламада бошқа маҳсулот рекламасида фойдаланилган умумий қарор, матн, тасвир, мусиқий эффектлар, агарда муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган бўлса, тақлид қилиш (нусха кўчириш ва ўхшатиб ишлаш) тақиқланади. Шунингдек, жисмоний шахс рухсатисиз унинг исми ёки суратидан фойдаланиш ҳам тақиқланади.
Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси Multi MaFé ресторан комплексининг рекламаси сабаб уларга реклама қонунчилигида белгиланган муаллифлик ҳуқуқи ёки турдош ҳуқуқлар борасида хат юборди.
Multi MaFé ресторан комплекси хатни олиши билан «Чўқинтирган ота» фильми парчаларидан фойдаланиб ишланган рекламани ўчириб ташлади.
Multi MaFé ресторани хўжайинларига келгусида бу каби қонун бузилишига йўқ қўймасликлари борасида огоҳлантириш берилди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)