Чикаго аэропортида дунёдаги энг катта қуён номига номзод бўлган жонивор вафот этди. Бу ҳақда, The Sun нашрига асосланиб, Meduza хабар бермоқда.
Буюк Британияда туғилган Саймон лақабли қуён АҚШдаги янги хўжайини олдига олиб кетилаётган эди. Жонивор юк бўлинмасида эди.
Қуённи парвариш қилган Аннетт Эдвардснинг сўзларига қараганда, Лондондан учиб кетишдан уч соат олдин қуён тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилиб, учишга ҳозир деб топилган эди.
Даставвал қуён United Airlines авиакомпаниясининг Лондондан Чикагога учаётган самолёти бортида вафот этган маълум қилинган эди. Бироз муддатдан сўнг авиакомпания вакиллари қуён самолёт бортида эмас, балки аэропортда, самолёт қўнганидан бир ярим соат ўтиб вафот этганини билдирди. Компания қуён қандай шароитларда сақланганини текширмоқда.
Эдвардс United Airlines’ни судга бермоқчи. Қуённи сотиб олган, аммо унга етиша олмаган америкалик харидор ҳам даъво аризаси тайёрламоқда.
Саймоннинг отаси Дариус дунёнинг энг катта қуёни ҳисобланар эди, Саймон отасидан ушбу мақомни тортиб олишга ҳозирланаётган эди. 10 ойлигида унинг бўйи 90 сантиметрдан ошарди. Дариуснинг бўйи эса 1,34 метрга тенг.
Изоҳ (0)