Онлайн-севги туфайли полицияга ёлғон маълумот берган кишининг қўлга олиниши билан Ҳиндистон полицияси мамлакатнинг уч аэропортида бир вақтда самолётлар эгаллаб олиниши ҳақидаги таҳдид билан боғлиқ ишни очди, деб хабар беради «РИА Новости».
16 апрель куни Ҳиндистон ОАВ Ченнай, Ҳайдаробод ва Мумбай шаҳарларидаги аэропортларда бир вақтда самолётлар эгаллаб олиниши билан боғлиқ таҳдид туфайли хавф ҳақида огоҳлантирувчи махсус режим ишга тушганини маълум қилган эди. Хабарга биноан самолётлар 23 кишилик гуруҳ томонидан босиб олиниши керак бўлган. Бундай маълумот Мумбай полициясига ресторанда бу ҳақда гаплашиб ўтирган ёш йигитларни эшитиб қолган номаълум бир аёлдан келиб тушган.
Натижада аэропортлар хавфсизлик чораларини кучайтирди. Бироқ кутилган хавф ва унга уриниш якшанба куни ҳам, ундан кейинги кунлар ҳам содир бўлмади. 20 апрель куни бундай хавф аслида бўлмагани, ушбу ёлғон хабар асосида Ҳайдарободда истиқомат қилувчи шахснинг бир қиз билан муносабатлари ётгани аниқланди.
Маълум бўлишича, Вамши Кришна исмли 30 ёшлар атрофидаги уйланган шахс бир қизалоқнинг отаси бўлишига қарамай, Ченнайда истиқомат қилувчи қиз билан интернет орқали муносабатлар ўрнатади. Ченнайлик қиз Кришнадан Мумбайга билет олиб беришини, у ердан эса биргаликда Гоага жўнашларини айтиб, уни шунга кўндиради. Бироқ саёҳатни ташкил қилиш учун етарлича маблағи бўлмаган Кришна ўзининг дастурлаштириш билан боғлиқ қобилиятларидан фойдаланиб, ченнайлик қизга сохта билет тайёрлайди.
Саёҳат куни яқинлашган сари Кришна ёлғони фош бўлишидан чўчий бошлайди ва саёҳатни қолдиришнинг бошқа йўлини ўйлаб топади. Кришна Мумбай полициясига Ҳайдарободдаги интернет-кафедан ўйлаб топилган аёл номидан «кутилаётган хавф» ҳақида огоҳлантириш юборади. У мазкур огоҳлантириш рейсларнинг бекор қилинишига ва натижада қиз Ченнайдан Мумбайга келмаслигига сабаб бўлишини кутади.
Полиция Ҳайдарободдаги интернет-кафедан хат юборилган вақт у ерда бўлган 15 нафар мижозни сўроқ қилиш натижасида воқеага ойдинлик киритди. Кришна содир этган қилмишини тан олди.
Ҳозирча унга нисбатан қандай жазо қўлланилиши ҳақида маълумот берилмади.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)