Тошкент вилояти божхона бошқармаси «Ғишткўприк» божхона комплекси ходимлари Ўзбекистонга қўшни давлатдан кириб келган ўзбекистонлик аёлнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларини фош қилди, деб хабар беради Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати.
Аёлга тегишли қўл юклари ичидаги тўқиш учун мўлжалланган ип-калавалардан бирининг орасига 3000 доллар миқдоридаги нақд хорижий валюта яширилганлиги аниқланди.
Калавалардан яна бирининг орасига эса 92 граммдан ортиқ тилла тақинчоқлар беркитилгани маълум бўлди. Ноқонуний равишда олиб ўтишга уринилган мазкур 49 дона заргарлик буюмининг умумий қиймати дастлабки маълумотларга кўра салкам 12 миллион сўмни ташкил қилади.
Қонунбузар аёл божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида ва йўловчи божхона декларациясида маълум қилмасдан туриб, автотранспорт воситалари учун мўлжалланган уч дона антирадар, икки дона уяли алоқа воситаси ва битта DVD-плеерини ҳам ноқонуний равишда олиб киришга урингани аниқланди.
Шу тариқа аёлнинг қиймати тахминан 25 миллион сўмдан ортиқ бўлган товар-моддий бойликларни ноқонуний равишда олиб кириш режаси фош этилди. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)