ИШИД террорчилик ташкилоти Лондонда 22 март, пайшанба куни юз берган теракт учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Meduza’нинг ёзишича, ҳодиса оқибатида тўрт киши (жумладан, террорчининг ўзи) ҳалок бўлган ва бир неча киши тан жароҳати олган.
Бу ҳақдаги тегишли баёнот террорчиларга яқинроқ ҳисобланган Amaq ахборот агентлиги томонидан тарқатилган, дея хабар бермоқда Associated Press агентлиги. Хабарда исми ҳозирча ошкор қилинмаётган ҳужум қилган шахс «ИШИД аскари» деб аталган.
22 март куни кундузи Лондондаги Буюк Британия парламенти биноси яқинида бир неча кишини машина билан уриб ўтди, сўнг полициячига пичоқ билан ҳужум қилди. Оқибатда тўрт киши (жумладан, террорчининг ўзи) ҳалок бўлди, 30 га яқин киши жабрланди, етти кишининг аҳволи оғир экани айтилмоқда.
Ҳужум қилган шахс полиция томонидан отиб ўлдирилган. Британия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари унинг исмини ошкор қилмади. Бош вазир Тереза Мейнинг сўзларига кўра, у Буюк Британия фуқароси эди ва экстремизмга алоқадорлик гумони остида махсус хизматлар томонидан кузатиб борилган.
Терактдан сўнг етти киши ҳибсга олинди. Уларнинг ҳодисага қанчалик алоқадорлиги борасида аниқ маълумотлар йўқ.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)