Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 16 март куни ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турган Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) президенти Сума Чакрабартини қабул қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Шавкат Мирзиёев меҳмонни қутлар экан, Ўзбекистон ва ЕТТБ ўртасида ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини алоҳида қайд этди.
Учрашувда истиқболга мўлжалланган қўшма Ҳамкорлик дастурини тайёрлаш, кичик бизнес субъэктлари лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга кўмаклашишга доир тадбирлар ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
ЕТТБ раҳбари Сума Чакрабарти Президент Шавкат Мирзиёевга самимий қабул ва ўзаро муносабатларни ривожлантириш масалаларини қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирди ва Ўзбекистон билан узоқ муддатли ҳамда кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлади.
Маълумот учун, мазкур банк билан ҳамкорлик йилларида Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларида ЕТТБнинг 500 миллион доллардан зиёд маблағини жалб этган ҳолда 54 лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)