Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 16 март куни «Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Фармон матни ЎзА томонидан эълон қилинди.
Фармон шарҳида қайд этилишича, шошилинч тиббий ёрдам «хизмати фаолиятида кузатилаётган камчиликларга тизимда автотранспорт воситалари билан боғлиқ масалалар ҳам сабаб бўлаётгани кўпчиликка маълум».Эндиликда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Тез тиббий ёрдам станцияларига автотранспорт хизматини кўрсатиш Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг ихтисослаштирилган автотранспорт корхонаси томонидан амалга оширилади.
«Бу эса автотранспорт воситаларининг ҳар доим соз ҳолатда бўлишини ва керакли манзилга ўз вақтида етиб боришини таъминлашга хизмат қилади», — дейилади фармон шарҳида.
Айни вақтда кечиктириб бўлмайдиган вазиятларда кўплаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида шошилинч тиббий ёрдам хизмати муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тизимнинг транспорт паркини бойитиш учун давлат бюджети ва бошқа маблағлар ҳисобидан 1200 та тез тиббий ёрдам автомобили харид қилинадиган бўлди.
Мавзуга доир: Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Тошкент вилояти филиали ташкил этилади
Изоҳ (0)