Мақолада озиш мақсадида парҳез тутаётганлар учун фойдали бўлган маҳсулотларни санаб ўтамиз.
Тарвуз
Кўп ширин газли ичимлик ва дўконда сотиладиган шарбат ичувчи, пишириқлар, колбаса ва бошқа технологик ишлов берилган озиқ-овқатларни кўп ейдиган кишиларда магний етишмаслиги кузатилади. 150 г тарвуз эса кишининг магнийга бўлган суткалик талабини қондиради.
Мутахассислар тарвузнинг бошқа хусусиятларини ҳам қайд этади. Чунончи, унда калий тузлари кўп миқдорда бўлгани сабабли у яхшигина пешоб ҳайдаш хусусиятига эга. Шу туфайли у озиш жараёнида юзага келадиган шишишлардан халос этади.
Помидор
Помидор C витаминига, шунингдек, ультрабинафша нурланишдан ҳимоя қилувчи ликопин моддасига эга. Ликопин озаётганлар учун ҳам фойдалидир: у ёғлар парчаланаётган пайтда юзага келадиган яллиғланишни йўқотади. Ликопин яхши сингиши учун уни димлаб ёки ёғлар билан бирга (масалан, зайтун ёғи) истеъмол қилиш зарур.
Олма
Олманинг асосий қиммати — пектин. Ушбу табиий сорбент организмдан ёғлар парчаланиши натижасида ҳосил бўлган оғир металлар, радионуклидлар ва зарарли маҳсулотлар тузларини чиқариб ташлашда ёрдам беради. Микроэлементларнинг кенг турларига эга бўлиш учун турли рангдаги олмаларни тановвул қилинг.
Асал
Ушбу маҳсулот таркибидаги фитонцид туфайли энг яхши антисептиклардан бири ҳисобланади. У тўқималар тез тикланишига туртки беради, шу сабабли ёшлик ва гўзалликни сақлаб қолишда муҳимдир. Асал юқори калорияга эга эканлиги ва қондаги қанд миқдорини оширишини ҳисобга олиб, уни нонуштадан кейин кунига кўпи билан 1 чой қошиқ миқдорида истеъмол қилиш маслаҳат берилади.
Ёнғоқ
Ёнғоқ иштаҳани яхшигина босади, омега-3 политўйинмаган ёғ кислоталари билан тўйинтиради ва глюконеогенез — озиш пайтида мускул тўқимаси глюкозага айланиши олдини олади.
Ёнғоқни қуритиб ёки хом ҳолда ейиш тавсия этилади, қовурилиш чоғида улар таркибидаги ёғ оксидланади.
Изоҳ (0)