Туркманобод—Фароб темир йўл ва автомобиль кўприклари очилиш маросимида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мазкур кўприклар нафақат Туркманистон, балки бутун минтақа учун геостратегик аҳамиятга эга эканини қайд этди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда ҳам транспорт коммуникацияларини ривожлантириш бўйича улкан ишлар амалга оширилаётгани, хусусан, ўтган йили қурилган Ангрен — Поп темир йўли Марказий Осиёни Хитой билан темир йўл орқали боғлаганини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон ва Туркманистон темир йўллари ўзаро интеграциялашиб, қайта тикланаётган Буюк ипак йўлининг муҳим бўғинини ташкил этади, минтақа ривожи ва халқлар фаровонлигига хизмат қилади.
Президент Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистон транспорт ва транзит соҳаларини ривожлантириш бўйича ташаббусларни илгари сураётгани, ушбу кўприклар бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси эканини таъкидлади. Қурилиш ишларининг сифати ва аҳамиятини юқори баҳолаб, қурувчи ва пудратчиларга миннатдорлик билдирди.
Туркманобод шаҳридаги «Руҳият» саройида Ўзбекистон ва Туркманистон санъат усталарининг концерти намойиш этилди. Сарой фоесида ўзбек ва туркман халқ амалий санъати буюмлари намойиш этилди. Бу ўзбек ва туркман халқларининг бир-бирига яқинлигини яққол намоён этди, мамлакатлар замонавий ва мумтоз санъати билан кенг танишиш учун қулай имконият бўлди.
Шу билан Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга давлат ташрифи якунига етди. Туркманобод аэропортида Ўзбекистон Президентини Гурбангули Бердимуҳамедов кузатиб қўйди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)