Жанубий Корея ҳарбийлари Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг акаси Ким Чон Нам ҳалок бўлгани ҳақида хабар бериш учун КХДР билан чегара ҳудудидаги радиокарнайлардан фойдаланмоқда. Бу ҳақда Жанубий Корея Қуролли кучлари қўмондонлиги вакиллари маълум қилди, деб хабар беради «ТАСС».
«Биз радиокарнайлар орқали чегарага яқин ҳудудда жойлашган Шимолий Корея аҳолиси ҳамда ҳарбийларини Ким Чон Нам ўлими ҳақидаги янгиликлардан огоҳ қиламиз», — деди вакиллардан бири.
Унинг сўзларига кўра, «мазкур янгиликлар шимолликларга поччасини қатл эттирган ва ўз акасини ўлдирган Ким Чен Иннинг бағритошлигини тушуниб етишларига ёрдам беради».
Қуролсизлантирилган ҳудуддаги радиокарнайлар Жануб ва Шимолнинг тарғибот борасида олиб бораётган урушининг бир қисми ҳисобланади.
Яхши ҳаво ҳарорати ва тинч шароитда ушбу мосламаларнинг овози 20 километргача етади. Одатий шароитда эса радиокарнайлар овозини 7 километргача бўлган ҳудуддан тинглаш мумкин.
Аввалроқ Малайзия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари 14 февраль куни Куала-Лумпур аэропортида ҳалок бўлган КХДР фуқароси Ким Чон Нам эканлигини тасдиқлаган эди.
Маълумот учун, Ким Чон Нам Шимолий Кореянинг собиқ етакчиси — Ким Чен Ирнинг беникоҳ туғилган катта ўғли бўлиб, бир неча йил олдин унинг отасига ворис бўлиши эҳтимоли катта бўлган.
Бироқ Ким Чон Нам 2001 йил май ойида сохта паспорт билан Японияга кетмоқчи бўлганида отасининг ғазабига учраган ва ҳозиргача хорижда, хусусан, Макаода яшаб келаётган эди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)