Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Ўзбекистонда фуқароларга муносиб ҳаёт тарзини таъминлаш, улар фаровонлигини ошириш бўйича катта ҳажмдаги ишлар бажарилмоқда, иқтисодиёт муттасил ривожланмоқда. Афсуски, мазкур ижобий ҳолатлар баробарида ҳали қатор камчиликларга, хатоларга ҳам йўл қўйилмоқда. Тарих фанлари доктори, профессор Абдуҳалил Маврулов бу ҳақда қуйидаги фикр-мулоҳазаларни билдирди. 

Ўтган йилнинг 9 ойида мамлакат бўйича 61 мингдан ортиқ жиноят ва 2,5 миллондан ортиқ ҳуқуқбузарликлар қайд этилди. Давлат органлари, суд, прокуратура муассасаларига одамларнинг мурожаатлари кўпайиб бормоқда. Бундай ҳолат, шубҳасиз, айрим ходимлар, ватандошларимизнинг нафс балосига гирифтор бўлиши натижасида ҳам юз бермоқда. Шунинг учун ҳам ушбу салбий кўринишдаги иллатга қарши курашиш олдимизда турган энг катта вазифалардан бири ҳисобланади. 

Халқимиз ижтимоий онгига тобора чуқурроқ ўрнашиб бораётган шундай қоидалар борки, улар жамиятда ижтимоий адолатни, тартиб-интизомни ўрнатишга хизмат қилмоқда. Ана шундай қоидалардан бири ижтимоий табақаланишнинг пасайтиришга қаратилган «мамлакатимизда ўта бойлар ҳам, ўта камбағаллар ҳам бўлмайди», деган сиёсатдир. Назаримизда, бу ўта адолатли сиёсат ҳисобланади. Гап шундаки, ҳар қандай адолатсизлик ижтимоий табақаланишнинг чуқурлашуви туфайли содир бўлади. Бир жамиятда, деярли бир шароитда, мос имкониятлар даврида бир тоифа одамларнинг ҳаддан ташқари бойиб кетиши, айни пайтда, ўта камбағалларнинг кўпайиши норозиликлар, ижтимоий кўнгилсизликларга йўл очади. Жамиятнинг шу тарзда икки паллага бўлиниб қолиши эса, шубҳасиз, айрим кишиларнинг шайтон йўлига кириб, нафсга қул бўлиши оқибатидадир.

Инсон нафсининг ҳакалак отишига бир қанча омиллар, жумладан, бойлик, амал, мавқе, мартаба каби унсурлар таъсир қилса-да, аммо бу жараёнда иқстисодий жиҳатнинг ўрни катта. Масалага оддий бир ҳолат сифатида қарайдиган бўлсак, инсон фаолиятида иқтисоднинг ўрни катта. Барчамиз яхши яшашни, яхши овқатланишни, яхши кийинишни суямиз, унга интиламиз. Бунинг ёмон жойи йўқ. Аммо бундай қулайликларга эришиш учун адолатсизликка йўл қўймаслик, миллий феъл-атвор ва жамият қонунларига сўзсиз амал қилиш, нафсимизни жиловлай олишимиз муҳим. Буюк мутафаккир Арасту «Фазилат — меъёрни билишдан иборат» деб таъкидлаганди.

Шу маънода инсон ҳаётида иқтисодий фаолият, ундан келадиган фойдани ҳам меъёрда англаш ва шундай муносабатда бўлиш ўта фойдали. Бу нарса ислом оламида иқтисодий васатийлик (мў’тадиллик), деб номланади. Исломда молу дунёнинг ортидан тушиб, унга қул бўлиб қолишга йўл қўйилмайди. Шунингдек, мол-дунёни тамоман инкор қилишга тарғиб ҳам қилинмайди. Мол-у мулк масаласида мўътадиллик, афсуски, айрим ҳолларда айрим ватандошларимиз томонидан бузилаётганлигини кўришимиз мумкин. Тасаввур қилайлик, бир оиладаги ота-она, 2 ёки 3 нафар фарзанд учун нечта хонали уй керак? Айрим хонадонларда мезбон мақтаниш учунми, ўз хонадонидаги айрим хоналарга йиллаб кирмаганлигини гапиради. 

Айрим ёшларимизда тезроқ бойиш, имкониятларга эга бўлиш, ўзининг эҳтиёжларини бир зарб билан қондириш каби «сифат»лар пайдо бўлмоқда. Ваҳоланки, моддий жиҳатдан лаззатланиш ҳар биримизда маънавий қадриятларга бўлган эътиборимизни сусайтиради, охир-оқибат кишиларни «мол қули»га айлантиради. Шу маънода, бизнинг тарбия тизимимизда маънавий лаззатланишга алоҳида аҳамият берилади. Назаримизда, «оч қорним—тинч қулоғим» деган мақол ўзбекнинг ўзбеклигини, унинг бой маънавий кучини кўрсатадиган қадриятдир. 

Қолаверса, давлат раҳбарининг «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак», «Халқ бой бўлса , давлат ҳам бой ва қудратли бўлади» каби фикрлари, ғоялари, ҳеч шубҳасиз, айрим фуқароларимиз орасидаги нафс қуллиги даражасини камайтиришга имкон беради. 

Нафс балосидан қутулиш инсонни кўкларга кўтаради, жамиятни поклантиради, одамларни виждон азобидан қутқаради, бахтли қилади. Бу жуда оғир вазифа. Аммо бугунги Ўзбекистон жамияти айнан ана шу йўлдан бормоқда. 

Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.

Изоҳ
Асосий янгиликлар