Ўзбекистон Миллий боғида 9 февраль куни Алишер Навоий таваллудининг 576 йиллигига бағишланган анъанавий тадбир бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда ЎзА.
Тадбирда Ўзбекистон Президенти Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов, Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али, Будапешт университетининг туркология бўлими мудири, венгриялик навоийшунос олим Бенедек Пери, Самарқанд давлат чет тиллар институти ўқитувчиси Динора Султонова ва бошқалар қатнашган.
Тадбирда Навоий ғазалларидан намуналар ўзбек ва инглиз тилларида ўқилди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоир Мирпўлат Мирзо «Навоийга эҳтиром» шеърини ўқиди.
«Ниҳол» мукофоти совриндори Илёс Арабов ижросида шоир ғазаллари билан куйланувчи ашулалар ижро этилди. Анжуман иштирокчилари Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйди.
Шу куни пойтахтимиздаги Шоирлар хиёбонида мушоира бўлиб ўтди. Ёш шоирлар Жўрабек Жаҳон ва Баҳодир Баҳром Навоийга аталган шеърларини ўқиди.
Таълим муассасаларининг ўқувчилари Навоий ғазал ва рубойилари, ҳикматли сўзларини ўзбек ва хорижий тилларда ўқиб берди.
«Бундай маърифий тадбирлар, ижодий мулоқотлар, анжуманлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлиб ўтмоқда», — дейилади ЎзА ахборотида.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)