Нима бўлди?
Украина жануби-шарқида украин томони ва мамлакатнинг бир қисмини ўз назорати остида сақлаб турган россияпараст айирмачилар ўртасидаги қарама-қаршилик яна кескинлашди, деб ёзади Meduza.Минск келишуви якунлари бўйича сулҳга риоя этилишини кузатиб бораётган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) миссияси маълумотларига кўра, 2017 йил январининг сўнгги кунларида кузатувчилар томонидан қайд этилган портлашлар сони кескин кўпайган. 22-28 январь кунлари оралиғида миссия аъзолари кунига ўртача 382 та портлашни қайд этган бўлса, 28 январь оқшомидан 29 январь оқшомига қадар 2240 та, кейинги бир сутка давомида эса 2499 та портлашни рўйхатга олган.
Ўққа тутишлар асосан Украина қўшинлари томонидан назорат қилинаётган Авдеевка ва россияпараст айирмачилар назорати остида бўлган Донецк шаҳарлари атрофида олиб борилмоқда. Ўққа тутишлар натижасида қанча тинч аҳоли вакили ҳалок бўлгани ҳақида ишончли маълумотлар йўқ. ЕХҲТ фақат ўз кузатувчилари қайд эта олган маълумотларга асосланган бўлиб, бу ҳисоботларда қурбонлар ва яраланганлар ҳақида ахборот кам. Украина ҳарбийлари ва россияпараст айирмачилар орасида қурбонлар қанча эканини ҳам билмаймиз. Томонлар ўз қурбонлари сонини камайтириб, душманининг йўқотишлари кўламини кўпайтириб, бир-биридан фарқли маълумотларни келтирмоқда.
Қатор нашрлар Авдеевка ва Донецкда гуманитар инқироз юз бергани ҳақида ёзмоқда. Бу ростми?
Билмаймиз. Украина ҳукумати 30 январь куни Авдеевкада газ ҳам, электр ҳам, сув ҳам йўқлигини таъкидлаган эди. 1 февраль куни газ ва сув пайдо бўлди. Шунга қарамай, шаҳарда ихтиёрий эвакуация эълон қилинган.Донецкда эса, маҳаллий маъмурият ахборотига кўра, 1 февраль куни шаҳарликлар сувсиз қолган – снарядлардан бири фильтр станциясига келиб тушган. Айни вақтда, Meduza нашрининг Донецкдаги ўқувчиси шаҳарда сув борлигини маълум қилди. Twitter’да ҳам Донецкда сув борлиги, лекин жадал оқмаётгани ҳақида хабарлар учрайди.
Экологик инқироз ҳақида ҳам хабарлар пайдо бўлди. Бу ростми?
Билмаймиз. Бу хабарлар Авдеевкадаги коксохимия заводининг ўққа тутилгани билан боғлиқ. Корхона раҳбарияти берган баёнотга кўра, завод аввалгидек ишлаб турибди – агар завод тўғридан-тўғри ўққа тутилишдан омон қолса, ҳаммаси яхши бўлади.Нимага ҳеч нарсани билмайсиз?
Биз ҳеч нарсани билмаймиз, чунки маълумотларига ишонса бўладиган манбалар йўқ. Биз на Украина ҳукуматига ва на россияпараст айирмачиларга ишонамиз – уларнинг иккиси ҳам бир-бири билан низолашаётган томонлардир. Жанговар ҳаракатлар ҳудудида деярли журналист йўқ – борлари ҳам тўқнашувларни фақат Россия нуқтаи назари билан ёки фақат Украина нуқтаи назари билан ёритмоқда. Донецкда ва Украинада халқаро ахборот агентликларининг мухбирлари бор, лекин улар ҳам жараённи фақат расмийларнинг сўзларига асосланган ҳолда кузатмоқда. Энг асосий маълумот – қурбонларнинг аниқ сони ҳақида ҳозир билишнинг ҳеч қандай имкони йўқ.Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.