АҚШ президенти Дональд Трамп яқин орада унинг Twitter, Facebook ва бошқа ижтимоий тармоқлардаги обуначилари сони 50 миллиондан ошишига ишончи комил. Бу ҳақда Оқ уйнинг янги хўжайини CBN телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди, деб ёзади «ТАСС».
Трамп «ОАВлар инсофсиз бўлмаганида» ижтимоий тармоқлардан фойдаланмаган бўлишини айтди. АҚШ президенти журналистлар унинг сўзлари маъносини бузиб, уларни фуқароларга ўз талқинлари бўйича етказишини таъкидлади.
«Мен ОАВни четлаб ўтган ҳолда баёнот беришим мумкин. Шунда менинг сўзларим ўзим назарда тутган маънони сақлаб қолади ва мен ОАВларнинг уларни ўзгартириб етказаётганига тоқат қилишимга ҳожат қолмайди», — дея Трамп ижтимоий тармоқлардан фойдаланишнинг афзалликларини тушунтирди.
«Мен ишонч билан айтишим мумкинки, тез орада Facebook, Twitter, Instagram ва бошқа ижтимоий тармоқларда 50 миллиондан ортиқ обуначим бўлади», — деди Америка етакчиси. У АҚШ президентининг Twitter’даги расмий микроблогидан фойдаланишини, аммо барибир ўзининг шахсий микроблогини афзал кўришини билдирди.
Изоҳ (0)