Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси тўп сурадиган Хитойнинг «Чанчун Ятаи» клуби Амирликларнинг Дубай шаҳрида йиғин ўтказмоқда. 16 январь куни жамоа Санкт-Петербургнинг «Зенит» клубига қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушди, деб хабар берди «Championat.asia».
Учрашувнинг биринчи бўлимидан кейин хитойлик футболчилар 2 та гол фарқи билан олдинга чиқиб олишга эришганди. Ҳисоб очувчи голга эса Анзур Исмоилов муаллифлик қилган.
Бироқ тайёр ғалабани ушлаб қолиш «Чанчун Ятаи» футболчиларига насиб қилмади. Иккинчи бўлимда питерлик футболчилар 5 та гол уриб, йирик ғалабани нишонлади. Киритилган голларнинг 2 тасига Артём Дзюба муаллифлик қилган бўлса, яна 2 тасини Маурисио ўз ҳисобига ёзиб қўйди. 1 та гол Юрий Жирков томонидан урилди.
Аввалроқ Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов Хитойнинг бошқа бир клуби «Шанхай СИПГ» сафида ўзининг биринчи голини киритишга муваффақ бўлганди. Хитой Супер лигасида 2017 йилги мавсум 4 март куни старт олади.
Изоҳ (0)