Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян «Локомотив»нинг 9 нафар футболчисини январь ойидаги йиғинга таклиф қилди. Бу ҳақда «темирйўлчилар» матбуот хизмати хабар берди. Улар орасида ҳужумчи Темурхўжа Абдухолиқов ҳам бор.
Аввалроқ Самвел Бабаян Темурхўжа Абдухолиқов терма жамоа принципларига тўғри келмаслиги ҳақида айтиб ўтганди. Шу фикрдан кейин Абдухолиқов 2016 йилги мавсумни Ўзбекистон Олий лигасининг тўпурари сифатида якунлади ва «Локомотив» билан яна бир йиллик келишувга эришди.
Самвел Бабаян, шунингдек, дарвозабон Игнатий Нестеров, ҳимоячилар Бобур Йўлдошев, Ислом Тўхтахўжаев, Шуҳрат Муҳаммадиев, ярим ҳимоячилар Сардор Мирзаев, Сервер Жепаров, Санжар Шоаҳмедов ва ҳужумчи Марат Бикмаевни ҳам таркибга жалб қилган.
Маълумот учун, 21—24 январь кунлари Ўзбекистон терма жамоаси Амирлик йиғинида иштирок этади. Унинг доирасида 22 январь куни Даниянинг 23 ёшгача бўлган футболчиларига қарши, шунингдек, Грузия термасига қарши ўртоқлик ўйинлари бўлиб ўтади. Мазкур беллашувлар ФИФА кунларидан ташқарида ўтаётгани учун Самвел Бабаян БАА йиғинига легионерларни таклиф қила олмайди.
«Локомотив» клуби айни вақтда Дубайда бўлиб турибди. Йиғин айнан 21 январь куни ўз якунига етади ва номлари санаб ўтилган футболчилар Дубайдан Тошкентга қайтмай, терма жамоа йиғинига қўшилади.
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Амирликларга борадиган тўлиқ таркиби ҳозирча маълум қилинмаган.
Изоҳ (0)