Аралаш жанг турлари бўйича мусобақалар уюштирувчи ташкилотларнинг раҳбарлари АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампни танқид қила туриб, аралаш жанг санъатини тилга олиб ўтган америкалик актриса Мэрил Стрипнинг сўзларига муносабат билдирди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Мутлақ жанг чемпионати (UFC) президенти Дана Уайт ва АҚШнинг Беллатор MMA (mixed martial arts, аралаш жанг санъати) ташкилоти раҳбари Скотт Кокернинг фикрича, Мэрил Стрип MMA’ни санъат эмас деб атаб, бу спорт тури жангчиларини асоссиз равишда хафа қилган.
Дана Уайт актрисага «80 ёшли такаббур хоним» деб таъриф берган (таъкидлаш жоиз, актриса ҳозирда 67 ёшда). «Албатта, аралаш жанг санъати — санъат. Бу жангчилар — эркаклар ва аёллар — жуда истеъдодли. Бундай аҳмоқона гапларни гапириш актрисанинг ҳақиқатдан ҳам мавжуд бўлган истеъдодини инкор қилиш билан баробардир», — дейди UFC президенти.
Ўз навбатида, Кокер Стрипни жорий йилнинг 21 январида бўлиб ўтадиган турнирга таклиф қилиб, «аралаш жанг санъати ҳақиқий санъат» эканлигига ўз кўзлари билан гувоҳ бўлишга чақирди.
8 январь куни «Олтин глобус» тақдимот маросимида чиқиш қиларкан, кинематографга қўшган ҳиссаси учун Сесил Б. Де Милл мукофоти билан тақдирланган Мэрил Стрип «Голливуд келгиндилар ва хорижликлар билан тўла экани»ни қайд этиб ўтган эди.
«Агар уларнинг барчасини қувиб солсак, америкача футбол ва аслида ҳеч қандай санъат ҳисобланмаган аралаш жанг санъатини томоша қилишдан ўзга чора қолмайди», — деганди актриса. Актрисанинг бу сўзлари унинг Трамп танқидига бағишланган чиқиши билан мос тушади: бу ҳолатда у сайланган президентнинг қаттиққўл миграция сиёсатини назарда тутган эди.
Стрипнинг сўзларига жавобан, Дональд Трамп журналистлар билан суҳбат вақтида актрисани нохолисликда айблади, чунки у АҚШда ноябрда бўлиб ўтган президент сайловида Трампнинг рақиби — демократ Ҳиллари Клинтонни қўллаб-қувватлаган эди. Кейинроқ Трамп Twitter’даги саҳифасида саккиз карра «Олтин глобус» соҳиби ҳисобланган Стрипни Голливуднинг энг кўп ортиқча баҳо берилган актрисаси, деб атаган эди.Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)