Йигирмага яқин компания, жумладан, Apple, HP, Samsung SDI ва Sony ишчилар ҳуқуқи бузилишининг олдини олишга қаратилган «Кобальтни масъулиятли қазиб олиш» ташаббусига қўшилди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Ҳаракат Хитой бизнес гуруҳи ҳамда Хитой металл, минерал ва кимёвий моддалар импортчилари савдо палатаси (кобальт етказиб беришнинг катта қисми ушбу давлат орқали ўтади) томонидан Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) кўмагида ташкил этилган. Унга қўшилганлар ташкилот тавсияларига риоя этиш ва кобалт қазиб олиниши, ташилиши, қайта ишланиши ва сотилишини қаттиқ назорат қилишни ваъда бермоқда.
Дунёдаги кобальтнинг 60 фоизга яқини Конгода қазиб олинади. Конда қўлда иш олиб борилади, ҳаётини хавф остига қўйиб меҳнат қиладиган ишчилар маоши эса кунига 2 доллардан ошмайди. Washington Post нашрида шу йил эълон қилинган шов-шувли текширувда кобалт саноатига вояга етмаганлар ҳам фаол жалб этилгани, улар кунига 1 доллар эвазига хом ашё қидириш билан банд эканлиги маълум қилинган.
Газета материалида кондаги меҳнатнинг инсон саломатлиги учун жиддий асоратлари, жумладан, кончилар болаларидаги туғма нуқсонлар келтириб ўтилган. Кобалт қазиб олиш атроф-муҳитга ҳам ўта салбий таъсир кўрсатади.